Суббота, 25 апреля 2020 18:16

Янги университетда янги иш услуби

Самарқанддаги “Ипак йўли” туризм халқаро университети юртимизда туризм соҳаси ривожига ҳисса қўшадиган билимли, салоҳиятли, етук кадрларни тайёрлаш мақсадида очилган. Университетнинг халқаролаштириш ва стратегик ривожланиш масалалари бўйича биринчи проректори вазифасини бажарувчи, иқтисод фанлари доктори, профессор Баҳодир ТЎРАЕВ ўқув даргоҳи фаолияти ҳақида қуйидагиларни гапириб берди.

Туризм соҳасида кадрлар тайёрловчи нуфузли хорижий олий таълим муассасалари ва туристик марказлар билан 50 дан ортиқ ҳамкорлик шартномалари имзоладик. Мазкур шартномалар доирасида ўтган йили Индонезиянинг Гунадарма университетида 2 нафар ўқитувчи, Россия Федерациясининг Белгород давлат университетининг “Пегас” мактабида 1 нафар ходим, Италиянинг Рим шаҳрида жойлашган «Tor Carbone» мактабида 2 нафар ходим ва 1 нафар ўқитувчи малака ошириб қайтди. Албатта, университет кадрларни хориждаги нуфузли олий таълим муассаларига ва илмий тадқиқот марказларига магистратура ва докторантурага юбориш орқали унинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириш имкониятларини мунтазам излаяпти. 

Университетга хориждан 12 нафар профессор-ўқитувчи жалб этилди

Университетга жорий ўқув йилининг бошидан ҳозирги кунга қадар 12 нафар хорижлик профессор-ўқитувчи жалб этилган. 

Республикамизда коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва унинг тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирлар дастуридан келиб чиқиб, кейинги муддатларга жалб этиладиган профессор-ўқитувчилар билан дарсларни масофавий ташкил қилиш бўйича ишларни йўлга қўйдик.

Университетга жалб этилган хорижлик профессор-ўқитувчилар билан меҳнат шартномаси тузишда, аввало, улар ўқиган, илмий тадқиқот ишларини олиб борган ҳамда ишлаётган олий таълим муассасаларининг жаҳоннинг нуфузли 1000 талик рўйхатига кирганлигига эътибор берамиз. 

Мутахассисликка оид бўлмаган фанлар кескин қисқартирилди

Таълим дастури фанлари бўйича дарслар халқаро таълим стандартларига мослаштирилган ҳолда ишлаб чиқилди. Университетда 5 кунлик таълим ҳафтаси ҳамда унга мувофиқ 2+1 таълим тизими жорий қилинди. Таълим дастурлари бўйича дарс жараёни давомийлиги 50 дақиқа, танаффус 10 дақиқа этиб белгиланган. Университетда мавжуд талабаларнинг гуруҳ тизимидан воз кечилиб, уларнинг рақами кодлаштириш тизимига ўтилди. Шунингдек, университетда make-up имтиҳон топшириш тизими жорий этилди. Бунда талаба имтиҳонни ижобий натижа билан топшира олмаса, 1-2 ҳафтадан сўнг қайта топшириши мумкин. Шунингдек, академик қарздорликни талаба ўқишга кирган йилидан бошлаб 7 йил мобайнида топшириш имкониятига эга бўлади. Академик семестр давомида талабалар эътиборига бештагача фан тақдим этилиб, улардан танлов фанлари талабаларнинг энг кўп миқдори томонидан белгиланган фанларни ўқитиш йўлга қўйилади. Университет таълим тизимига профессор-ўқитувчиларни жалб этиш учун KPI тизими жорий қилинди ва фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар ва ходимлар меҳнат фаолияти KPI эффективлик кўрсаткичи бўйича баҳолаш белгилаб қўйилди. Таълим бериш жараёнини енгиллатиш мақсадида талабаларни аудиторияга боғламасдан туриб, креатив дарс ўтиш тизимини яратишга ҳаракат қилинмоқда.

Дарсга қатнашиш бўйича давомат - эркин 

Республикадаги миллий олий ўқув юртлари ичида ушбу тажрибани амалда биринчи бўлиб қўлладик. Сабаби, бакалавриат таълим йўналишида ўқийдиган талабаларнинг мустақил таълим соатларига катта эътибор қаратдик. Бундан ташқари, талабаларда амалий кўникмаларни шакллантириш мақсадида ўқув жараёни кредит-модуль тизимида ташкил этилди ҳамда таълим беришда назария + амалиёт услуби (3+2) жорий қилинди.

Албатта, бу ислоҳотни бошида талабалар унча тушунишмади ва ўқишга нисбатан уларда бироз масъулиятсизлик кузатилди. Ушбу муаммонинг олдини олиш мақсадида ўқув йилининг II семестридан бошлаб талабаларнинг дарсларда эркин қатнашиши ҳамда университет профессор-ўқитувчиларининг академик мустақиллигини таъминлаш мақсадида турли ўқитишнинг масофали таълим платформалари ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижасида университетнинг имкониятидан келиб чиқиб, Эдмодо таълим платформасидан фойдаланишни мақсадга мувофиқ деб топдик. Бу ҳақда талабаларга семинарлар ташкил этилд и. Натижада айрим талаба ва магистрлар ўқув биносига келмасдан туриб ҳам таълим олиш имконига эга бўлди. 

Карантин даврида талабаларга таътил берилмади

Республикамизда карантин ҳолати эълон қилиниши билан олий таълим муассасаларининг талабаларига 16 мартдан таътил эълон қилинди ҳамда улар ўқиш жараёнини 1 апрелдан бошлаб масофали ўқитишни йўлга қўйди. Юқоридаги ислоҳотларимиз туфайли бу ҳолат бизда қийинчилик туғдирмади. Шунингдек, 16 мартдан 1 апрелга қадар таътил ҳам эълон қилмадик, аксинча барча талабаларни масофали ўқитишга жалб этдик. 

Ҳозирги вақтда университетда таълим жараёни Эдмодо таълим платформаси орқали масофавий шаклда олиб борилмоқда. 

Эдмодо таълим платформасида ўқитишнинг барча турдаги маълумотларини (аудио, видео, ҳужжатли ва бошқа) узатиш имконияти мавжуд. Бу платформа нафақат ўқитувчига талабаларнинг топшириқларни ўз вақтида бажариши, балки ота-оналарнинг ҳам фарзандларини бевосита таълим жараёни иштирокчиси сифатида кузатиши ҳамда уларнинг фанларни қандай ўзлаштираётганини ҳам билиш имконини беради. Бу платформанинг яна бир афзаллиги шундаки, унда ҳар бир берилган топшириқни бажаришнинг охирги муддати кўрсатилган бўлиб, мазкур муддат ичида талаба фан учун ажратилган баллар (кредит)нинг бир қисмини олиш имкониятига эга бўлади. Мазкур ташаббус ҳозирги вақтда республикамизда коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар дастури ижросини самарали таъминлаш имкониятини бермоқда.

Янги ўқув йилида янги бинода ўқийди

Университет олдида турган асосий муаммолардан бири ўқув биноси билан боғлиқ масала эди. Самарқанд давлат чет тиллар институти академик лицейининг бино ва иншоотлари университетга оператив бошқариш ҳуқуқи билан беғараз берилганди. Ўтган давр оралиғида лицей биноси тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилди ҳамда “Ақлли университет” тамойили асосида мослаштирилди. Насиб бўлса, янги ўқув йилидан университетимиз талабалари ўқишини янги бинода давом эттиради.

Талабалар учун 250 ўринли ётоқхона қурилади

Ҳозирги вақтда талабалар Самарқанд давлат университетининг талабалар турар жойидан фойдаланиб келмоқда. Яқинда университет учун 250 ўринли талабалар турар жойи биноси қурилиши кўзда тутилмоқда. Ётоқхона биносини қуриш учун Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан ер ҳам ажратилган. 

Аслида, университетимиз учун талабалар тураржойи эмас, балки кичик меҳмонхона қурилади. Бу меҳмонхонада талабалар ҳам яшайди, ҳам ишлайди, ҳам аҳоли ва шаҳримиз меҳмонларига меҳмонхона хизматини кўрсатади. Шунингдек, университетга хориждан ва бошқа ҳудудлардаги ОТМлардан дарс жараёнига жалб этилган профессор-ўқитувчилар учун ҳам шароит яратилади.

Дополнительная информация

Контакты

г.Самарканд, Узбекистан, 140104, Университетский бульвар 17

Социальные сети